Friday, October 28, 2016

Бензин нархи кўтарилди, аммо муаммолар ўз ечимини топмади. Навбатдаги алдов

Korzinka.uz супермаркет қаторлари раҳбари Зафар Ҳошимовнинг "Бензин нархининг ошиши аслида ёмон нарса эмас" деб ёзган фикри ҳеч кутилмаганда http://www.erkak.uz сайтининг эътиборини тортди. Ҳошимовнинг фикрини кўпчилик тушунмасада маъқуллаб қўйишди, унинг фейсбук саҳифасида...

     Зафар Ҳошимов фикрини танқид қилганлар ҳам бўлди. Қисқа ва лўнда таъриф ҳар галгидек Шукуржон Исломовдан бўлди: "албатта ёмон нарса эмас, ҳар биримизда биттадан супермаркетлар тармоғи бўлса"


Шунингдек Мирзиёд Мирусманов (фейсбук фойдаланувчиси) Зафар Ҳошимовнинг ўйлаб-ўйламай ёзган фикрларини илмий тарзда рад этар экан, бу ғояни фашизм(табақалашиш) деб атади:

- "Мамлакатимизда автомобилларга бўлган талаб давлат белгилаб берган ёнилғининг паст баҳоси туфайлигина шундай юқоридир." (Зафар Ҳошимов)

Масалан Германияда бутун Европага нисбатан энг киммат бензин, лекин нимагадир автомобилларга талаб бизникидан кам эмас, юмшок килиб айтганда.

Ундан кейин, "ёнилгининг паст бахоси" масаласида, оддийгина мисол: Германияда уртача ойликни 4000€, бензин нархини 1.31€ (АИ-95) деб олсак, 1 л бензин нархи улар ойлигининг 0.03% ни ташкил килади. Буни узимиздаги холат билан солиштирсак, уртача ойлик - 1 500 000 (ха, атайлаб анча баландрок оляпман), бензин - 2280 (АИ-91). Бунда 1 л бензин бизда ойликнинг 1.5% ни, яъни Германияга нисбатан 46 марта кимматрок тушишини куришимиз мумкин. Бу тагин нархлар ошишидан олдин.

- "Бунинг натижасида кўпчилик оилалар бугунги кунда 2-3 машинага эга."(Зафар Ҳошимов)

Ким кайси ижтимоий табакага мансуб булса, факат шу ва ундан юкори табака аъзоларини куради, бу жамият конуни. Бойлар факат уз тенгини ва ундан хам бойларни куради.

- "Ҳозирнинг ўзидаёқ бизда аҳоли жон бошига ёнилғи истеъмоли баъзи Европа мамлакатлари даражасидан ўтиб кетган."(Зафар Ҳошимов)

Солиштириб курайлик, давлатлар буйича киши бошига кундалик нефть истеъмоли, баррелда:

Узбекистон - 4,09
Германия - 30,42
Франция - 30,12
Англия - 27,88
Голландия - 58,77
Австрия - 33,81
Италия - 29,10
Исландия — 63,38
http://www.priroda.su/item/1625

Ха, анча утиб кетибмиз.

- "Иқтисодий жиҳатдан билимли инсон давлат ҳар доим биз харид қиладиган ёқилғи нархини чуқур субсидиялаштиришини яхши англайди."(Зафар Ҳошимов)

Мисол учун, уша Германияда нефть деярлик тулик импорт килинади, бизда тахминан ярими. Яъни, Германияга нефть кимматрокка тушади. Лекин шунга карамай, одамларнинг харид килиш имкониятига нисбатан бензин бизникидан анча арзонрок. Ё биз нефтни Германиядан кимматрок нархга сотиб оляпмизми, шунчалик субсидиялаш керак булаётган булса?

Бизнесменнинг энг "гузал" пассажларидан эса мана буниси койил колдирди:

- "Шундай экан, сув, иссиқлик ва электр энергияси каби ёқилғи нархини субсидиялаштириш орқали аҳолини ҳимоя қилиш энг мақсадли чора-тадбир эмас."(Зафар Ҳошимов)

Бизнесменимиз йилига икки-уч марта бензинга навбатда туришга накадар кийналаётганини рангдор тасвирлаш билан бир каторда, йил буйи сувсиз, электр энергиясисиз утирган минглаб хамюртларимизга сувни, светни субсидиялаштириш нотугри эканини уктиряпти.

Хуллас, капиталист - он и в Африке капиталист

*****
Маколани "майдалаб" тахлил килиб утирмай, ундаги асосий, марказий гояни ажратиб олсак, шуни курамиз:

"Давлатда хеч кандай ижтимоий химояланганлик, камсукум ахолининг имкониятларини тенглаштирувчи субсидиялар булмаслиги керак, яъни хар ким курпасига караб оёк узатсин. Автомобиль ва бошка шу каби комфорт элементлари - факат бойларбоп булсинки, заправкаларда бу чувриндилар деб биз бойлар навбат кутиб утирмайлик".

Маколадаги гуёки давлат, иктисод, табиат учун кайгуриш - шунчаки ширма, уз гоясини оклашга ва эътиборни асосий фикрдан олиб кочишга каратилган харакатдир. Бирок бундай хийла факатгина оми одамларга нисбатан ишлаши мумкин, чунки маколада халкнинг ижтимоий холатини огирлаштириб, бойлар холатини енгиллаштириш хатти-харакатларини очикчасига куллаб-кувватлаш бор.

Ушбу гояни бир суз билан аталса, бу - фашизмдир. (табакалашган жамият)


Қирғизистон ва Тожикистонда нефти йўқ аммо бензини биздан арзон....


     Бир воқеа эшитиб қолдим. Андижонлик фуқаро ҳажга ўзига тегишли Некся автомобилида бензин билан Ҳаж сафарини адо этиб қайтибди. Харажатлар жуда оз бўлган. Чегарадан ўтган ҳамон бензин нархи арзонлаб бораверади, Араб мамлакатларига яқинлашган сари бензинни сув-текинга олади... Чегараларимиз шунча йил ёпиқ бўлгани сабабли ҳам биз қўшниларимизда бензин муаммо эмаслигини билмадик, энди ҳалол ишлаш вақти етди жаноблар!

      Эркин пикрлар блоги муаллифи сифатида айтишим мумкин, нарх кўтарилишидан бўлак ҳеч бир иш бўлмади. Табиий бойликлар миллатнинг бойлигидир. Ўзбекнефтмаҳсулотнинг отасидан қолган эмас!

Monday, October 24, 2016

Ўзнефтмаҳсулот корхонасининиг монополиясига нуқта қўйиш вақти келди!


     Ўзбeкистон дунёнинг энeргeтика салоҳияти, нeфт-газга энг бой ҳудудида жойлашган. Бошқа томондан, жаҳон бозорларида нeфт нархи 2014 йилдан бeри барeлига $110-115 доллардан тушиб кeлди (2016 йил январида $26 долларга тушиб кeтган эди). Жорий ҳафтаги сўнги савдоларда (21 октябрда) Лондонда БРEНД русумидаги нeфт $51.92, Ню-Ёркда WTI русумидаги нeфт нархи $50.85 доллар сотилди. Охирги икки йилда нeфт нархлари пастлаши натижада нeфт маҳсулотлари, хусусан, бeнзин нархи ҳам дeярли бутун дунёда тушди. 


     Мантиқан, аслида Ўзбeкистонда энeргeтика-нeфт-газ, хусусан, бeнзин муаммоси аллақачон ижобий ҳал бўлиши ва нархлар ҳам тeгишли тарзда тушиши, энг камида барқарорлаши кeрак эди, лeкин нархлар аксинча осмонга сапчияпти. 


     Мамлакатимизда куни кeча Ўзбeкнeфтгаз (Ўзнeфтмаҳсулот) бeнзин нархларини бир кунда 35 фоизга ошириб, мамлакат бўйича ягона нарх бeлгилабди, нарх ошишига асосан "нопок кимсалар" фаолияти сабаб қилиб кўрсатилибди (http://ung.uz/ru/press_center/news/2016/10/22/benzin,    http://unm.uz/press-center/news/410-4).


     Ҳозирги ачинарли вазиятнинг юзага кeлишига асосий сабаблар бу соҳада шу пайтгача олиб борилган нотўғри сиёсат, давлат (тўғрироғи айрим раҳбарлар) монополияси ва ўрнатилган чeклов, ноқобил бошқарув ва коррупциядир. Ўзнeфтeгаз ва Ўзнeфтмаҳсулот ҳамда бу соҳага масъул раҳбарлар мавжуд муаммони самарали ечишга мутлақ қодир эмас. Муаммо  ечими соҳани монополиядан чиқариш, нeфт ва нeфт маҳсулотлари экспорти, импорти ва қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни эркинлаштириш, бу сeкторда хусусий тадбиркорлар ва сармоядорлар фаолият юритишига рухсат бeришдир.




Пикрлар блоги ушбу таҳлилга эътибор беришингизни сўрайди. Биз энди Ўзнефтмаҳсулот корхонасига бефойда мурожаат қилмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қиламиз.
  1. Бензин тақчиллиги, нархнинг кўтарилиши каби сунъий "ричак"ларга ягона сабаб қилиб "нопок кимсалар" кўрсатилишини қаттиқ қоралаймиз! Бундан ташқари "мурожаат"да Бош вазир қабулхонаси ҳақида эслаб аҳолини чалғитишга ҳаракатлар ҳам бор. Гўёки Бош Вазир қабулхонасининг таклифи асосида нархни оширилган бўлса...
  2. Шунингдек кузатган бўлсангиз Ўзнефтмаҳсулот аҳолига муроджаат деб номланган баҳоналарни кўрсатганида Пикрлар блоги Ўзнефтмаҳсулотни аҳолини алдамасликка ва ҳақиқатга тик боқиб ўз Халқини ҳурмат қилган ҳолда ақлга сиғмайдиган баҳоналарни ишлатмасликка чақирди.  Жамиятимиз фуқаролари ҳам Ўзнефтмаҳсулотнинг бу мурожаати аскиячиликдан ўзга нарса эмаслигини билдирдилар. Ўзнефтмаҳсулот эса доимгидек "нопок ва ноаниқ кимсалар"ни баҳона қилиб нархларни 35% га кўтарди. Дунё бозоридан энг арзон ва қадрсиз бўлиб бораётган бир вақтда мамлакатимизда нефтнинг нархи сунъий  кўтарилишига сабаб нима бўлиши мумкин?
  3. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш давлат органларига қайта мурожаат! Мендан бошқа яна кимдир монополияга қарши курашадими ёки йўқми? “Рақобат тўғрисида”ги қонун ижроси билан ким шуғулланади?
Қўшимча: 
     Ўзбекнефтмаҳсулот раҳбарларини қайта аттестациядан ўтказиш деган таклифим ўз кучида қолади. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси масъуллари ишларини қайта кўриб чиқилишини таклиф этаман!
Хулоса:
Ўзнефтмаҳсулот корхонасининиг монополиясига нуқта қўйиш вақти келди!

Thursday, October 20, 2016

"Ўзнефтмаҳсулот"нинг олди-қочди жавобини очиқчасига таҳлил қиламиз



"Ўзнефтмаҳсулот" 
акциядорлик компаниясининг
мурожаатига қарши мурожаат.
Мурожаат бундай бўлади.

     
     Ички ОАВ ларимиз орқали жуда оз миқдорда таҳлилий мақолаларни қўйиб борилмоқда. Барчаси мутахассис хулосаси. Аммо бизнинг ўз хулосаларимиз ҳам бор. Бу биз учун муҳим. ("Хулоса ўзингиздан" деб тугалланадиган кўрсатувларимизга эҳтиёж юқори.)


      Ҳар йилги октябр-ноябр ойларидаги соҳта бензин тақчиллиги биз учун янгилик бўлмай қолди. Ҳар йил шу тақчилликдан сўнг бензин нархи кўтарилади. Монополиячи ташкилотларнинг нуфузи баландлигиданми улар томонидан белгиланган нархга ҳатто Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳам эътироз билдирмайди. Фақат мен эътироз билдираман, шу учун ҳам мен ёмонман.
 "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар кузатилаётгани юзасидан мурожаат билан чиқди - дейилади мазкур хабарда. http://sof.uz/uz/news/show/2886
     Бу мурожаатни таҳлил қиламиз энди. Вилоятлардаги автомобил ёнилғи тақчиллиги одатий ҳолга айландими? Нима сабабдан вилоятларга мендан бошқа ҳеч ким эътибор қилмаяпти? Қани масъул шахслар? Хусусан Навоий вилоятига автомобил ёнилғисини узлуксиз етказиб бериш қачондан(аниқ вақт керак) йўлга қўйилади? 

(Энди "Ўзнефтмаҳсулот"нинг баҳоналарини кўриб чиқамиз)

  1. ...шаҳримизга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетишмоқда...
  2. ...аҳоли орасида АЁҚШларда автобензин камайиб кетиши ҳақидаги хабарнинг тарқатилаётгани кўрсатилган...
  3. ...айрим автомобил эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишган...
  4. ...автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги кўрсатилади...
Таҳлил:
1.     Биринчи асосий сабаб яъни асосий айбдор қилиб кўрсатилганлар вилоятлик чайқовчилар экан. Яъни бунга истеъмолчилар айбдор дейилмоқда мурожаатда. Буни қарангки Университетда бизга иқтисод соҳаси профессорлари "Мижоз доимо ҳақ" деб ўргатган. Шундай экан "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компаниясида раҳбар ходимларни қайта аттестациядан ўтказиш керакка ўхшайди.
     Эътиборимни торган яна бир муҳим жумла - ...шаҳримизга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида... Энди давлат рақами 01 бўлмаган машиналар учун ёнилғи қуйиш шаҳобчалари томонидан лимит белгилаймизми? Ёки вилоятлик меҳмонлар АЁҚШга келса уларга айбдор сифатида ёвқараш қилиш керакми? 
     Вилоятлик чайқовчи шафёрлар ўз вилоятига ёнилғи олиб кетишини биламиз. Улар шу бензинни халққа сотади. Буни ҳам биламиз. Нима сабабдан Халқ ёнилғини АЁҚШдан эмас чайқовчидан қиммат нархда сотиб олади? Бунинг устига таркибига сув қўшилган бензинни? Бундан келиб чиқадики вилоятларда АЁҚШлар стабил ишламайди
     АЁҚШда бензин бўлмаса истеъмолчи бензинни кимдан олади? Қиммат нархда чайқовчидан олади. Буни кўрган АЁҚШ эгалари арзон нархда бензит сотгиси келадими? Улар ҳам бензинни қора бозорга чиқаради. Қарабсизки ноқонуний тадбиркорлик авжида! Табиийки Тошкентга тез-тез қатнайдиган шафёрлар ҳам бу қора бозорга ўз "ҳисса"ларини қўшадилар. Менда савол туғилади Қонуний бозорни яксон қилган Қора бозорни ким тартибга соляпти
"Ўзнефтмаҳсулот" фақат Тошкентга ёнилғи етказиб беришга ихтисослашганми? Нега вилоятлардаги ёнилғи тақчиллиги ҳақида эслаб ҳам ўтирмади? Ҳурматимиз шу ергачамиди? Масъул ходимлар аввало узр сўраб муаммога кенгроқ ёндашишлари лозим! Ёки Ўзбекистон фақат Тошкент шаҳридан иборат деб ўйлайдиларми?
2.     Миш-мишлар тарқалиши октябр-ноябр ойларидаги ёнилғи нархининг оширилишига ҳам сабабчи бўляптими? Бу миш-мишлардан ким фойда кўришига қараб миш-миш муаллифлари кимлини тахмин қилса бўлади пикр(фикр)имча.
3.     Миш-миш бўлса заҳира ҳам бўлади. Бир сабабни 2 марта келтиришга ҳожат йўқ, таҳлилга арзимайди.
4.     Атомобиллар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, аммо тепасига Метан, Пропан деб ёзиб қўйилган шаҳобчалар ҳам ортяптику! Ўзбекистонда газлаштирилган ва газлаштирилмаган автомобиллар сони ва умумий миқдорга нисбатан улушини ким аниқлаб бера олади менга? Боз устига биз замон билан ҳамнафас яшашни даъво қилаётган эканмиз нега йилнинг шу вақтларида ҳар йилги сценарий қайтарилаверади? "Ўзнефтмаҳсулот" эса мурожаатдан нарига ўтгани сезилмайди ва барибир нархлар сунъий оширилади?

Доим шундай. Муаммони бартараф этишга аниқ режа топилмаса боллада айб йўқ деб айбни ё гунг-кар кишига ёки бўлмаса вафот этган одамга юклаймиз...

Юқоридаги барча муаммоларнинг бош сабаби - мутасаддиларимиз жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликларида. Марҳамат қилиб қонунга мувофиқ бизга ҳисоб беришсин!

Thursday, October 6, 2016

Кар-карлар ҳақида

"Постда ёзилган гаплар ҳеч бир воқеъликдан олинмаган, барчаси ўйлаб топилган гаплар"(Шу гап жуда ёқиб қолди)

Ижтимоий тармоқларда ҳамма кар-кар, кўчада мушукчага айланиб қолишади :-)

Ўтириб олиб Россияни ёмонлайди, бири Американи, бири Ўзбекистонни, яна бошқаси ўтмишдаги газ-свет ҳақида гапирадими-эй. Биттаси қонунлар ижроси йўқлигидан нолиса бошқаси қонун нималигини билмай умрининг ярмини яшаб қўйганига йиғлайди. Ҳе ношукрлар :-)

Лекин кўчада ҳамма хурсанд-ҳамма шод. Мусаффо осмонга битта қараса эси жойига келиб шукр қиворади. Бирор киши ёнида нолиса шукроналик ҳақида 2 оғиз лоф айтиб қўрқиб туриб қочиб кетади, қулоқ бўлса керак мандан гап олмоқчи деб :) (Тасаввур қил, қулоқ бўлса яхшику дардларингни айтиб уни ҳам бошини қотир дегим келади шуларга, балки ҳал қилиб берар ўша қулоқ, бориб етказадику ҳар ҳолда )

Қора ниятли ёвуз кучлар, қирол Артурнинг азалий душмани Лонцелот ва эртакдаги бир кўзли қароқчилар АГАРДА ижтимоий тармоққа ишониб ҳаракат қилса Ўзбекистон ҳақида қаттиқ адашади ва стратегияси барбод бўлади.

Ўзбекистоннинг энг кучли қўриқчилари ана шу ижтимоий тармоқларда нолиб кўчада шукрга чақирувчи дўстларимиз. Булар ахир энг катта душмандаримизни(билмадим ўзи у олабўжилар борми, йўқми) статистикасини адаштиряптида.

МРБ нинг "одамлар онгига таъсир ўтказувчи" энг кучли дастурларига ҳам, Моссадникига ҳам, Россияни пропагандасига ҳам ўзимизнинг миллий буқаламунларимизни қарши қўйиб енгиб ўтамиз. Яшасин миллат, яшасин давлат, яшасин Ўзбекистон ва бор бўлсин мана шу ватанпарварлар :)

Tuesday, August 9, 2016

Метрополитендаги эпчил ислоҳотлар ва янада такомиллаштириш сапсаталари ҳақида.


      Бугун эрталаб Олмазор метросига тушдим. Бир вақтлар Мирзабек Холмедов экспрес автобусни таърифлагандек "сходняк". Поездлар кечикибди! Ҳарорат ҳам доимгидан юқори...
Бироздан кейин қисқартирилган поезд ҳам келди...  Поезднинг орқа томонинан тушишим керак бўлсада, одам камроқ жойини танлаб биринчи вагонга ўтирдим. Поезд юрди, ҳарорат эса ўша-ўша иссиқ. 200 дан ортиқ ҳар-хил ёшдаги одамлар(ичида ёш бола ҳам, ногирон, ҳомиладор, катта ёшлиси ҳам бор) шу 3 та вагонга "жойланди", Шундай қилиб 3 вагон "майда-чуйда" ортилган поезд Олмазордан йўлга чиқди.....
Ўриндиқлар кам, чунки вагонлар сони қисқарган. Шунга бўлса керак, баъзи ҳомиладорлар ва катта ёшлилар тик туриб кетишарди...
      ОАВларимизда вагонлар сони қисқартирилгани ҳақида ўқиб яхши гумон қилгандим. "Бизнинг мутасаддиларимиз янги поездлар келтиришган, 4 вагонли поездни 3 вагонга айлантириб  ортиб қолганларини янги поездларга бириктирилган ва улар орасидаги кутиш вақтини 3/4 улушгача қисқартирилган..." каби...
      Бу каби пикрларим билан ғашингизни келтирмоқчи эмасман, биламан таклип кутяпсиз, ва у менда бор...

Кузатишлардан: Метрога кириш учун оладиган чиптамиз(жетон) 1 кунда неча марта ташланади, 1 ой давомида неча киши метрога пул тўлайди бу ноаниқ. Статистика бор, аммо.... одамлар қўлда ёзади уни, бирор автомат қурилма санаб ўтирмайди. Турникетлар эски(Амир Темур саройига киришда фойдаланиб ташлаб юборилмай қолган турникетлар), шунинг ҳисобига йўловчиларни санаш имкони йўқ. Метро доим давлат зарарига ишлаган ва шундай давом этмоқда. Ахир электровозларнинг харажати кам, ишчиларнинг ойлиги ҳам от билан туядек эмас. тушумнинг катта қисмини қўриқлаш хизматига тўланса керак, камералар сони ҳам талайгина, милициялар... ойликлари кичик эмас, текинга қўриқлашмайдику...

Пикр: (Пикрим сизларга ёқади, мен ҳам худди сиздек ўйлайман) Метрополитен хизмат сипатини янада такомиллаштириш ва жаҳон талабларига жавоб бера оладиган тизимни бунёд этиш юзасидан ишлар қуйидаги тартибда олиб борилади:
  1. Пойдани орттириш учун  сотилган жетонлар сони ва турникетдан ўтган одамлар сонини электрон назорат қилиш(шаффофлаштириш) ўрнига 3 та вагонни 2 тага қисқартирилсин. 1 та вагон пойда, 20 та поезддан 20 та вагон пойда... Бу ҳазилакам пул эмас....
  2. Поездлар келиш оралиғини 8 минут эмас  13-15 минут қилиб белгилансин, 3-4 минут кечикиш ҳисобига 1-2 йилда 20 минут қилиб оламиз, яна ўйлаб кўрармиз оширишн. Бу ҳам пойда.
  3. Жетон нархини 20%  кўтариш! Бу ҳам мўмайгина даромад дегани.
  4. Бекатларда ўрнатилган жуда секин ишлайдиган, баъзан эса ишламай қоладига терминалларни олиб ташлаб, нақд пул билан савдо қилишни йўлга қўйиш.
  5. Ходимларни рағбатлантириш пулларини кўриб чиқиб, қисқартириш.
  6. Эркак ходимлар сонини камайтириб аёлларни жалб қилиш(кам ойликка ишлашга рози эркакларни қолдириш).
  7. Энди кўз олдингизга келтириб кўринг, Метрополитеннинг нархи ҳам тушиб кетди. Тезда акциядорлик жамиятига айлантириш лозим, давлатнинг фоизи ҳам қолиши зарур! Тежаб қолинган юқоридаги ҳалол пулларни эса акциядорларга дивидент сифатида бўлиб берилсин.
  8. Акциядорлар ва давлат мулкини қўриқлаш ва келажак авлодга бус-бутун етказиш йўлида хизмат қилаётган милиция ходимлари сонини 40% га кўпайтириш.(Шунда улар зерикиб одамларга бемаъни саволларни ташламайди, асабига ўйнамайди, йўловчилар эса аламини кимдан олишни билмай ичиб уйига бориб хотинини урмайди... Оила тинчлиги - Ватан ободлиги - Халқ паровонлиги)
Бу пикрлар ҳечам ғалати эмас! Осмондан олганим йўқ, бу каби бизнес режаларни тузиш учун иқтисод соҳасида олий маълумотли бўлиш керак. Менда ундайи йўқ, демак ичимдан тўқимадим...
Бунга ким норози? Ҳеч ким, демак тўғри қарор.

Ўйлаб кўринг, истиқлолимиздан олдин 30-40 минут кўчада иссиқда ё совуқда чинорни тагида аптобус кутардик, ҳозир 1 минутда(ошиб борса 5 минутда лицензиясиз) такси келиб тўхтайди. Демак энди чинорларга ҳам ҳожат йўқ. Свелияция, ривожланиш дейдилар буни, катта-катта кўприклар, бинолар ва кўчаларни ҳозир 1 кунда бузиб ташлай оламиз. Қуришни ҳам амаллаяпмиз, у ҳам яхшиланиб қолар. Мустақилллигимиздан олдин 30 минут кутишга мажбур эдик, энди эса мажбурликдан эмас ўз ихтиёримиз билан метрода атиги 15 минут кутайлик. Илгари ишга терлаб сасиб боришга мажбур бўлган бўлсак, энди ўз ихтиёримиз билан сасиб борайлий. Бу ахир бюджетга, тежамкорликка қўшадиган ҳиссамиз, Ватанпарварлик. Агар чет элдан меҳмонлар келса вақтинча 5 минутлик кутиш режимига ўтиб олсак гуноҳ бўлмас, Худо кечирар? Ахир динларда ҳам исропгарчилик қораланади, тежамкорлик эса олқишланади...

Tuesday, July 26, 2016

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин
Ўзим Paint да чиздим, Ватанпарварлигимни исботланди...

     Odnoklassniki ижтимоий тармоғи орқали кўп вирус тарқалганки... уларнинг тури, сони ҳали ўрганилмаган. Шулардан бири - Ким мусулмон бўлса класс боссин. (Класс босмасам мусулмон эмас эканманда. Демак мусулмончиликнинг шартлари ўзгарибди, энди шаҳодат калимаси камлик қилармиш. Одноклассникидан рўйхатдан ўтиб, шу видеоларга кириб бирма-бир класс босиб чиқиш керакда? Вафот этсак Мункар ва Накир исмли фаришталарни биринчи саволи "класс босганмидинг" бўладими?)


    Арзон изҳорларнинг макони қаердалигига ўзингиз гувоҳ бўлинг...
   

   Бу каби дил изҳорлари одатда одноклассники сайтида 2 йил "ўтириб чиққан" инсонлар томонидан дастакланади ва мамнуният билан кутиб олинади. 

     Ҳозир эса ватанни севиш ҳам шу касалликка чалинди. Мантиқни қаранг... Ватани учун жонини беришга тайёр одам одноклассникида валақлашиб ўтираркан, ёки ... (Қандоқ кунларга қолдик Мирсодиқ Козим :-) )



     Ҳозир ижтимоий тармоқларда баъзилар турли хил газеталарни буклаб, яна кимдир писта, туршак, дон, сомон каби нарсалардан 25 рақамини ёзиб Ватанга арзон дил изҳорларини йўлламоқдалар.(Тарвуз еб данакларидан 25 рақамини чизганлар ҳам бор :-) )
     Одатда бу ишлар орқали шов-шув бўлади, аммо ҳеч қандай амалий иш бўлмайди. Бу каби флешмоблар ҳар йил ўтказилмоқда, байрамларда зўрма-зўраки тиқиштиришлар билан танловлар эълон қилинади... Аммо натижа умуман йўқ. 

Бу каби кўнгилхушликларни "Камолот"нинг ташаббуси дейишяпти, йўқ бу аслида Одноклассникининг ташаббуси :-)

     Чет элда оддий бир кино билан одамларнинг ватанпарварлигини ошириб юборилмоқда. Одноклассникининг ташаббусидан фойдаланиб ватанга муҳаббатни ошириб бўлмайди.

Sunday, July 10, 2016

Гермон деган махлуқ бор экан... Бай-Бай-Бай.....


     Бир кафега кириб, тинчгина ўтирган эдим, телевизордан қайсидир бир олифта журналист аёл кўрсатув сўнгида терроризм, диний экстемизм ва оммавий маданият ҳақида гапириб қолди. Техник тил билан айтсам, миямда пикрни синтез қилиш механизми ишга тушиб кетди...
Терроризм, диний эктремизм ҳақида-ку... гапирмадим…
Оммавий маданият деб урфга киритилган сўзнинг маъносини биз ҳали англаб етмадик, лекин курашяпмиз... Чунки маъносини тушунмасдан исмини эшитиб унга қарши курашаверадиган халқмиз...
     Тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсам, биз муаммоларга қоғозда ва оғизда қарши курашиб қўйган бўламиз, амалда курашмаймиз. Табиий, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмади, янгилари келиб чиқди... (Бу пикримга исбот ўлароқ шуни айта оламанки – бирор ишни амалда бажарган инсон у иш тўғрисида худди кўз билан кўриб тургандек таассурот ҳосил бўлади. Унинг белгилари ва чегарасини кўзини юмиб айтиб бера олади. Ҳар ҳолда мен шундай ишлайман.)
  • Мисол учун бундан 10-15 йил олдин телевидения орқали калта юбка кийиб олган аёллар танқид қилиниб "оммавий маданият" қурбонлари сифатида кўрсатилар эди. Ҳозирги кунда калта юбка бу – мактаб, коллежларнинг формаси бўлганмиш...

  • Шунингдек қизлар куёв талашиб ўзаро рақобат қилиши, бир-бири билан уришиб қолиши ўзбек миллати учун шармандали ҳолат. Аммо ўзбек миллий киноларимизда яхши қаҳрамон номи остида қизлар эр талашиб бир-бири билан рақобат қилишади, ёки кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолади...

  • 5-6 йил олдин тўйда келин орқага гул отиши, турмушга чиқмаган қизлар тезроқ турмушга чиқиш илинжида гулга қараб сакраши... Бу ҳам оммавий маданият эди, бу иллат халқимизга таржима қилинган ахлоқсиз чет эл киноларидан кириб келмадими?

     Тан олиш керак, ҳар кимнинг қаричи турлича. Кимдир калта юбкани оммавий маданият унсури деб ҳисобламайди, чунки унинг хотини, қизи ёки онаси калта кийинади. Оммавий маданиятни ўз қаричи билан белгилайди. Мана шу ўлчовлар турлича бўлгани сабабли ҳам мана, ҳозирги кунда оммавий маданият бизни қуршаб олди. Бу каби бало-қазоларга умумий-яхлит ўлчов киритиб, иллатнинг чегараси қаердан бошланиб қаерда тугаши, белгилари каби ўлчовларини белгилай олмас эканмиз, тез кунда енгиламиз. Биз доимгидек картани тескари ушлаб гердайиб ўтирибмиз, ютамиз, деб.
     Ривожланяпмиз, оммавий маданиятни барчага ёмон кўрсатиб ўзимиз ўша маданиятнинг иллатларини бирма-бир юқтириб олмоқдамиз. Мен шахс ўлароқ ҳар бир янгиликни ва ҳар бир ишни риоя қилишимиз керак бўлган қонун-қоидаларимизга солиб кўраман. Биз иллатга қарши курашамиз деб гапирсагу, ўзимиз ўша иллатни тарғиб қилсак қани маъно?
     Назария амалиётни инкор қилса, қандай қилиб бунга кўз юмиш мумкин? Яна 4-5 йилдан кейин қизлар никоҳсиз фарзанд кўриши мумкин, бу "замон талаби". Шунда "Никоҳсиз фарзанд кўришнинг 15 та фойдали томони" деб мақола босиб, миллий маданиятимизга киритиб қўямизми?
     Ана, кўрдингизми, биз нимага қарши курашаётганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Шу жиҳатдан биз бу курашда муқаррар енгиламиз. Ғарб дунёси миллийликни даъво қиладиган барча мамлакатларни ўз мафкураси ва оммавий маданияти билан яксон қилиб келган. Сабаби ҳам шунда, курашчилар нимага қарши курашаётганликларини билмайдилар. Ғарб Истанбул аҳолисини қайси тактика билан европалаштириб юборган бўлса биз учун ҳам ўша содда тактика билан енгади. Янгича тактика излаб ўтирмайди ҳам: тажриба бор, дарров енгади–қўяди.
– Гермон деган махлуқ бор экан.
– Бай-бай-бай.

– Бўйи 40 газ эмиш.
... – Ҳукумат ишига аралашманглар демаганмидим...
Гермон нималигини билмасдан унга қарши курашиб бўлмагани каби, оммавий маданиятга бу уқувсиз, савиясиз йўллар билан курашиб бўлмайди!
Ҳар-ҳар замонда у ер-бу ерда тадбир ўтказиб, ёшларни оммавий маданият унсурларидан ҳимоя қилиш мумкинми? "Миндей ўйлаб қараса", (Ҳожибой Тожибоев сўзи) уларнинг ўзлари тадбир сўнгида бир гуруҳ отарчилар ёрдамида оммавий маданиятни реклама қилиб оладилар.
Инсоф билан ўйлаб кўринг! Биз кимдан мадад олиб кимларга қарши курашяпмиз? Доим оғиз кўпиртирадиган "олиб борилаётган эпчил ислоҳотларимиз"нинг натижаси қани? Оммавий маданиятга қарши курашимиз нима натижа берди?