Tuesday, July 26, 2016

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин
Ўзим Paint да чиздим, Ватанпарварлигимни исботланди...

     Odnoklassniki ижтимоий тармоғи орқали кўп вирус тарқалганки... уларнинг тури, сони ҳали ўрганилмаган. Шулардан бири - Ким мусулмон бўлса класс боссин. (Класс босмасам мусулмон эмас эканманда. Демак мусулмончиликнинг шартлари ўзгарибди, энди шаҳодат калимаси камлик қилармиш. Одноклассникидан рўйхатдан ўтиб, шу видеоларга кириб бирма-бир класс босиб чиқиш керакда? Вафот этсак Мункар ва Накир исмли фаришталарни биринчи саволи "класс босганмидинг" бўладими?)


    Арзон изҳорларнинг макони қаердалигига ўзингиз гувоҳ бўлинг...
   

   Бу каби дил изҳорлари одатда одноклассники сайтида 2 йил "ўтириб чиққан" инсонлар томонидан дастакланади ва мамнуният билан кутиб олинади. 

     Ҳозир эса ватанни севиш ҳам шу касалликка чалинди. Мантиқни қаранг... Ватани учун жонини беришга тайёр одам одноклассникида валақлашиб ўтираркан, ёки ... (Қандоқ кунларга қолдик Мирсодиқ Козим :-) )



     Ҳозир ижтимоий тармоқларда баъзилар турли хил газеталарни буклаб, яна кимдир писта, туршак, дон, сомон каби нарсалардан 25 рақамини ёзиб Ватанга арзон дил изҳорларини йўлламоқдалар.(Тарвуз еб данакларидан 25 рақамини чизганлар ҳам бор :-) )
     Одатда бу ишлар орқали шов-шув бўлади, аммо ҳеч қандай амалий иш бўлмайди. Бу каби флешмоблар ҳар йил ўтказилмоқда, байрамларда зўрма-зўраки тиқиштиришлар билан танловлар эълон қилинади... Аммо натижа умуман йўқ. 

Бу каби кўнгилхушликларни "Камолот"нинг ташаббуси дейишяпти, йўқ бу аслида Одноклассникининг ташаббуси :-)

     Чет элда оддий бир кино билан одамларнинг ватанпарварлигини ошириб юборилмоқда. Одноклассникининг ташаббусидан фойдаланиб ватанга муҳаббатни ошириб бўлмайди.

Sunday, July 10, 2016

Гермон деган махлуқ бор экан... Бай-Бай-Бай.....


     Бир кафега кириб, тинчгина ўтирган эдим, телевизордан қайсидир бир олифта журналист аёл кўрсатув сўнгида терроризм, диний экстемизм ва оммавий маданият ҳақида гапириб қолди. Техник тил билан айтсам, миямда пикрни синтез қилиш механизми ишга тушиб кетди...
Терроризм, диний эктремизм ҳақида-ку... гапирмадим…
Оммавий маданият деб урфга киритилган сўзнинг маъносини биз ҳали англаб етмадик, лекин курашяпмиз... Чунки маъносини тушунмасдан исмини эшитиб унга қарши курашаверадиган халқмиз...
     Тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсам, биз муаммоларга қоғозда ва оғизда қарши курашиб қўйган бўламиз, амалда курашмаймиз. Табиий, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмади, янгилари келиб чиқди... (Бу пикримга исбот ўлароқ шуни айта оламанки – бирор ишни амалда бажарган инсон у иш тўғрисида худди кўз билан кўриб тургандек таассурот ҳосил бўлади. Унинг белгилари ва чегарасини кўзини юмиб айтиб бера олади. Ҳар ҳолда мен шундай ишлайман.)
  • Мисол учун бундан 10-15 йил олдин телевидения орқали калта юбка кийиб олган аёллар танқид қилиниб "оммавий маданият" қурбонлари сифатида кўрсатилар эди. Ҳозирги кунда калта юбка бу – мактаб, коллежларнинг формаси бўлганмиш...

  • Шунингдек қизлар куёв талашиб ўзаро рақобат қилиши, бир-бири билан уришиб қолиши ўзбек миллати учун шармандали ҳолат. Аммо ўзбек миллий киноларимизда яхши қаҳрамон номи остида қизлар эр талашиб бир-бири билан рақобат қилишади, ёки кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолади...

  • 5-6 йил олдин тўйда келин орқага гул отиши, турмушга чиқмаган қизлар тезроқ турмушга чиқиш илинжида гулга қараб сакраши... Бу ҳам оммавий маданият эди, бу иллат халқимизга таржима қилинган ахлоқсиз чет эл киноларидан кириб келмадими?

     Тан олиш керак, ҳар кимнинг қаричи турлича. Кимдир калта юбкани оммавий маданият унсури деб ҳисобламайди, чунки унинг хотини, қизи ёки онаси калта кийинади. Оммавий маданиятни ўз қаричи билан белгилайди. Мана шу ўлчовлар турлича бўлгани сабабли ҳам мана, ҳозирги кунда оммавий маданият бизни қуршаб олди. Бу каби бало-қазоларга умумий-яхлит ўлчов киритиб, иллатнинг чегараси қаердан бошланиб қаерда тугаши, белгилари каби ўлчовларини белгилай олмас эканмиз, тез кунда енгиламиз. Биз доимгидек картани тескари ушлаб гердайиб ўтирибмиз, ютамиз, деб.
     Ривожланяпмиз, оммавий маданиятни барчага ёмон кўрсатиб ўзимиз ўша маданиятнинг иллатларини бирма-бир юқтириб олмоқдамиз. Мен шахс ўлароқ ҳар бир янгиликни ва ҳар бир ишни риоя қилишимиз керак бўлган қонун-қоидаларимизга солиб кўраман. Биз иллатга қарши курашамиз деб гапирсагу, ўзимиз ўша иллатни тарғиб қилсак қани маъно?
     Назария амалиётни инкор қилса, қандай қилиб бунга кўз юмиш мумкин? Яна 4-5 йилдан кейин қизлар никоҳсиз фарзанд кўриши мумкин, бу "замон талаби". Шунда "Никоҳсиз фарзанд кўришнинг 15 та фойдали томони" деб мақола босиб, миллий маданиятимизга киритиб қўямизми?
     Ана, кўрдингизми, биз нимага қарши курашаётганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Шу жиҳатдан биз бу курашда муқаррар енгиламиз. Ғарб дунёси миллийликни даъво қиладиган барча мамлакатларни ўз мафкураси ва оммавий маданияти билан яксон қилиб келган. Сабаби ҳам шунда, курашчилар нимага қарши курашаётганликларини билмайдилар. Ғарб Истанбул аҳолисини қайси тактика билан европалаштириб юборган бўлса биз учун ҳам ўша содда тактика билан енгади. Янгича тактика излаб ўтирмайди ҳам: тажриба бор, дарров енгади–қўяди.
– Гермон деган махлуқ бор экан.
– Бай-бай-бай.

– Бўйи 40 газ эмиш.
... – Ҳукумат ишига аралашманглар демаганмидим...
Гермон нималигини билмасдан унга қарши курашиб бўлмагани каби, оммавий маданиятга бу уқувсиз, савиясиз йўллар билан курашиб бўлмайди!
Ҳар-ҳар замонда у ер-бу ерда тадбир ўтказиб, ёшларни оммавий маданият унсурларидан ҳимоя қилиш мумкинми? "Миндей ўйлаб қараса", (Ҳожибой Тожибоев сўзи) уларнинг ўзлари тадбир сўнгида бир гуруҳ отарчилар ёрдамида оммавий маданиятни реклама қилиб оладилар.
Инсоф билан ўйлаб кўринг! Биз кимдан мадад олиб кимларга қарши курашяпмиз? Доим оғиз кўпиртирадиган "олиб борилаётган эпчил ислоҳотларимиз"нинг натижаси қани? Оммавий маданиятга қарши курашимиз нима натижа берди?