Tuesday, August 9, 2016

Метрополитендаги эпчил ислоҳотлар ва янада такомиллаштириш сапсаталари ҳақида.


      Бугун эрталаб Олмазор метросига тушдим. Бир вақтлар Мирзабек Холмедов экспрес автобусни таърифлагандек "сходняк". Поездлар кечикибди! Ҳарорат ҳам доимгидан юқори...
Бироздан кейин қисқартирилган поезд ҳам келди...  Поезднинг орқа томонинан тушишим керак бўлсада, одам камроқ жойини танлаб биринчи вагонга ўтирдим. Поезд юрди, ҳарорат эса ўша-ўша иссиқ. 200 дан ортиқ ҳар-хил ёшдаги одамлар(ичида ёш бола ҳам, ногирон, ҳомиладор, катта ёшлиси ҳам бор) шу 3 та вагонга "жойланди", Шундай қилиб 3 вагон "майда-чуйда" ортилган поезд Олмазордан йўлга чиқди.....
Ўриндиқлар кам, чунки вагонлар сони қисқарган. Шунга бўлса керак, баъзи ҳомиладорлар ва катта ёшлилар тик туриб кетишарди...
      ОАВларимизда вагонлар сони қисқартирилгани ҳақида ўқиб яхши гумон қилгандим. "Бизнинг мутасаддиларимиз янги поездлар келтиришган, 4 вагонли поездни 3 вагонга айлантириб  ортиб қолганларини янги поездларга бириктирилган ва улар орасидаги кутиш вақтини 3/4 улушгача қисқартирилган..." каби...
      Бу каби пикрларим билан ғашингизни келтирмоқчи эмасман, биламан таклип кутяпсиз, ва у менда бор...

Кузатишлардан: Метрога кириш учун оладиган чиптамиз(жетон) 1 кунда неча марта ташланади, 1 ой давомида неча киши метрога пул тўлайди бу ноаниқ. Статистика бор, аммо.... одамлар қўлда ёзади уни, бирор автомат қурилма санаб ўтирмайди. Турникетлар эски(Амир Темур саройига киришда фойдаланиб ташлаб юборилмай қолган турникетлар), шунинг ҳисобига йўловчиларни санаш имкони йўқ. Метро доим давлат зарарига ишлаган ва шундай давом этмоқда. Ахир электровозларнинг харажати кам, ишчиларнинг ойлиги ҳам от билан туядек эмас. тушумнинг катта қисмини қўриқлаш хизматига тўланса керак, камералар сони ҳам талайгина, милициялар... ойликлари кичик эмас, текинга қўриқлашмайдику...

Пикр: (Пикрим сизларга ёқади, мен ҳам худди сиздек ўйлайман) Метрополитен хизмат сипатини янада такомиллаштириш ва жаҳон талабларига жавоб бера оладиган тизимни бунёд этиш юзасидан ишлар қуйидаги тартибда олиб борилади:
  1. Пойдани орттириш учун  сотилган жетонлар сони ва турникетдан ўтган одамлар сонини электрон назорат қилиш(шаффофлаштириш) ўрнига 3 та вагонни 2 тага қисқартирилсин. 1 та вагон пойда, 20 та поезддан 20 та вагон пойда... Бу ҳазилакам пул эмас....
  2. Поездлар келиш оралиғини 8 минут эмас  13-15 минут қилиб белгилансин, 3-4 минут кечикиш ҳисобига 1-2 йилда 20 минут қилиб оламиз, яна ўйлаб кўрармиз оширишн. Бу ҳам пойда.
  3. Жетон нархини 20%  кўтариш! Бу ҳам мўмайгина даромад дегани.
  4. Бекатларда ўрнатилган жуда секин ишлайдиган, баъзан эса ишламай қоладига терминалларни олиб ташлаб, нақд пул билан савдо қилишни йўлга қўйиш.
  5. Ходимларни рағбатлантириш пулларини кўриб чиқиб, қисқартириш.
  6. Эркак ходимлар сонини камайтириб аёлларни жалб қилиш(кам ойликка ишлашга рози эркакларни қолдириш).
  7. Энди кўз олдингизга келтириб кўринг, Метрополитеннинг нархи ҳам тушиб кетди. Тезда акциядорлик жамиятига айлантириш лозим, давлатнинг фоизи ҳам қолиши зарур! Тежаб қолинган юқоридаги ҳалол пулларни эса акциядорларга дивидент сифатида бўлиб берилсин.
  8. Акциядорлар ва давлат мулкини қўриқлаш ва келажак авлодга бус-бутун етказиш йўлида хизмат қилаётган милиция ходимлари сонини 40% га кўпайтириш.(Шунда улар зерикиб одамларга бемаъни саволларни ташламайди, асабига ўйнамайди, йўловчилар эса аламини кимдан олишни билмай ичиб уйига бориб хотинини урмайди... Оила тинчлиги - Ватан ободлиги - Халқ паровонлиги)
Бу пикрлар ҳечам ғалати эмас! Осмондан олганим йўқ, бу каби бизнес режаларни тузиш учун иқтисод соҳасида олий маълумотли бўлиш керак. Менда ундайи йўқ, демак ичимдан тўқимадим...
Бунга ким норози? Ҳеч ким, демак тўғри қарор.

Ўйлаб кўринг, истиқлолимиздан олдин 30-40 минут кўчада иссиқда ё совуқда чинорни тагида аптобус кутардик, ҳозир 1 минутда(ошиб борса 5 минутда лицензиясиз) такси келиб тўхтайди. Демак энди чинорларга ҳам ҳожат йўқ. Свелияция, ривожланиш дейдилар буни, катта-катта кўприклар, бинолар ва кўчаларни ҳозир 1 кунда бузиб ташлай оламиз. Қуришни ҳам амаллаяпмиз, у ҳам яхшиланиб қолар. Мустақилллигимиздан олдин 30 минут кутишга мажбур эдик, энди эса мажбурликдан эмас ўз ихтиёримиз билан метрода атиги 15 минут кутайлик. Илгари ишга терлаб сасиб боришга мажбур бўлган бўлсак, энди ўз ихтиёримиз билан сасиб борайлий. Бу ахир бюджетга, тежамкорликка қўшадиган ҳиссамиз, Ватанпарварлик. Агар чет элдан меҳмонлар келса вақтинча 5 минутлик кутиш режимига ўтиб олсак гуноҳ бўлмас, Худо кечирар? Ахир динларда ҳам исропгарчилик қораланади, тежамкорлик эса олқишланади...

Tuesday, July 26, 2016

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин

Ким ватанпарвар бўлса класс боссин
Ўзим Paint да чиздим, Ватанпарварлигимни исботланди...

     Odnoklassniki ижтимоий тармоғи орқали кўп вирус тарқалганки... уларнинг тури, сони ҳали ўрганилмаган. Шулардан бири - Ким мусулмон бўлса класс боссин. (Класс босмасам мусулмон эмас эканманда. Демак мусулмончиликнинг шартлари ўзгарибди, энди шаҳодат калимаси камлик қилармиш. Одноклассникидан рўйхатдан ўтиб, шу видеоларга кириб бирма-бир класс босиб чиқиш керакда? Вафот этсак Мункар ва Накир исмли фаришталарни биринчи саволи "класс босганмидинг" бўладими?)


    Арзон изҳорларнинг макони қаердалигига ўзингиз гувоҳ бўлинг...
   

   Бу каби дил изҳорлари одатда одноклассники сайтида 2 йил "ўтириб чиққан" инсонлар томонидан дастакланади ва мамнуният билан кутиб олинади. 

     Ҳозир эса ватанни севиш ҳам шу касалликка чалинди. Мантиқни қаранг... Ватани учун жонини беришга тайёр одам одноклассникида валақлашиб ўтираркан, ёки ... (Қандоқ кунларга қолдик Мирсодиқ Козим :-) )



     Ҳозир ижтимоий тармоқларда баъзилар турли хил газеталарни буклаб, яна кимдир писта, туршак, дон, сомон каби нарсалардан 25 рақамини ёзиб Ватанга арзон дил изҳорларини йўлламоқдалар.(Тарвуз еб данакларидан 25 рақамини чизганлар ҳам бор :-) )
     Одатда бу ишлар орқали шов-шув бўлади, аммо ҳеч қандай амалий иш бўлмайди. Бу каби флешмоблар ҳар йил ўтказилмоқда, байрамларда зўрма-зўраки тиқиштиришлар билан танловлар эълон қилинади... Аммо натижа умуман йўқ. 

Бу каби кўнгилхушликларни "Камолот"нинг ташаббуси дейишяпти, йўқ бу аслида Одноклассникининг ташаббуси :-)

     Чет элда оддий бир кино билан одамларнинг ватанпарварлигини ошириб юборилмоқда. Одноклассникининг ташаббусидан фойдаланиб ватанга муҳаббатни ошириб бўлмайди.

Sunday, July 10, 2016

Гермон деган махлуқ бор экан... Бай-Бай-Бай.....


     Бир кафега кириб, тинчгина ўтирган эдим, телевизордан қайсидир бир олифта журналист аёл кўрсатув сўнгида терроризм, диний экстемизм ва оммавий маданият ҳақида гапириб қолди. Техник тил билан айтсам, миямда пикрни синтез қилиш механизми ишга тушиб кетди...
Терроризм, диний эктремизм ҳақида-ку... гапирмадим…
Оммавий маданият деб урфга киритилган сўзнинг маъносини биз ҳали англаб етмадик, лекин курашяпмиз... Чунки маъносини тушунмасдан исмини эшитиб унга қарши курашаверадиган халқмиз...
     Тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсам, биз муаммоларга қоғозда ва оғизда қарши курашиб қўйган бўламиз, амалда курашмаймиз. Табиий, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмади, янгилари келиб чиқди... (Бу пикримга исбот ўлароқ шуни айта оламанки – бирор ишни амалда бажарган инсон у иш тўғрисида худди кўз билан кўриб тургандек таассурот ҳосил бўлади. Унинг белгилари ва чегарасини кўзини юмиб айтиб бера олади. Ҳар ҳолда мен шундай ишлайман.)
  • Мисол учун бундан 10-15 йил олдин телевидения орқали калта юбка кийиб олган аёллар танқид қилиниб "оммавий маданият" қурбонлари сифатида кўрсатилар эди. Ҳозирги кунда калта юбка бу – мактаб, коллежларнинг формаси бўлганмиш...

  • Шунингдек қизлар куёв талашиб ўзаро рақобат қилиши, бир-бири билан уришиб қолиши ўзбек миллати учун шармандали ҳолат. Аммо ўзбек миллий киноларимизда яхши қаҳрамон номи остида қизлар эр талашиб бир-бири билан рақобат қилишади, ёки кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолади...

  • 5-6 йил олдин тўйда келин орқага гул отиши, турмушга чиқмаган қизлар тезроқ турмушга чиқиш илинжида гулга қараб сакраши... Бу ҳам оммавий маданият эди, бу иллат халқимизга таржима қилинган ахлоқсиз чет эл киноларидан кириб келмадими?

     Тан олиш керак, ҳар кимнинг қаричи турлича. Кимдир калта юбкани оммавий маданият унсури деб ҳисобламайди, чунки унинг хотини, қизи ёки онаси калта кийинади. Оммавий маданиятни ўз қаричи билан белгилайди. Мана шу ўлчовлар турлича бўлгани сабабли ҳам мана, ҳозирги кунда оммавий маданият бизни қуршаб олди. Бу каби бало-қазоларга умумий-яхлит ўлчов киритиб, иллатнинг чегараси қаердан бошланиб қаерда тугаши, белгилари каби ўлчовларини белгилай олмас эканмиз, тез кунда енгиламиз. Биз доимгидек картани тескари ушлаб гердайиб ўтирибмиз, ютамиз, деб.
     Ривожланяпмиз, оммавий маданиятни барчага ёмон кўрсатиб ўзимиз ўша маданиятнинг иллатларини бирма-бир юқтириб олмоқдамиз. Мен шахс ўлароқ ҳар бир янгиликни ва ҳар бир ишни риоя қилишимиз керак бўлган қонун-қоидаларимизга солиб кўраман. Биз иллатга қарши курашамиз деб гапирсагу, ўзимиз ўша иллатни тарғиб қилсак қани маъно?
     Назария амалиётни инкор қилса, қандай қилиб бунга кўз юмиш мумкин? Яна 4-5 йилдан кейин қизлар никоҳсиз фарзанд кўриши мумкин, бу "замон талаби". Шунда "Никоҳсиз фарзанд кўришнинг 15 та фойдали томони" деб мақола босиб, миллий маданиятимизга киритиб қўямизми?
     Ана, кўрдингизми, биз нимага қарши курашаётганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Шу жиҳатдан биз бу курашда муқаррар енгиламиз. Ғарб дунёси миллийликни даъво қиладиган барча мамлакатларни ўз мафкураси ва оммавий маданияти билан яксон қилиб келган. Сабаби ҳам шунда, курашчилар нимага қарши курашаётганликларини билмайдилар. Ғарб Истанбул аҳолисини қайси тактика билан европалаштириб юборган бўлса биз учун ҳам ўша содда тактика билан енгади. Янгича тактика излаб ўтирмайди ҳам: тажриба бор, дарров енгади–қўяди.
– Гермон деган махлуқ бор экан.
– Бай-бай-бай.

– Бўйи 40 газ эмиш.
... – Ҳукумат ишига аралашманглар демаганмидим...
Гермон нималигини билмасдан унга қарши курашиб бўлмагани каби, оммавий маданиятга бу уқувсиз, савиясиз йўллар билан курашиб бўлмайди!
Ҳар-ҳар замонда у ер-бу ерда тадбир ўтказиб, ёшларни оммавий маданият унсурларидан ҳимоя қилиш мумкинми? "Миндей ўйлаб қараса", (Ҳожибой Тожибоев сўзи) уларнинг ўзлари тадбир сўнгида бир гуруҳ отарчилар ёрдамида оммавий маданиятни реклама қилиб оладилар.
Инсоф билан ўйлаб кўринг! Биз кимдан мадад олиб кимларга қарши курашяпмиз? Доим оғиз кўпиртирадиган "олиб борилаётган эпчил ислоҳотларимиз"нинг натижаси қани? Оммавий маданиятга қарши курашимиз нима натижа берди?

Monday, June 20, 2016

Уруш-жанжаллар эволюцияси

      Ўрта асрларда одамлар  қилич ва  қалқон билан урушганлар. Шоҳлар ўзар  яккама-якка мактуб  орқали урушар, халқ эса гуруҳ бўлиб  қиличларда урушар эдилар...

      ХХ асрда уруш-жанжаллар оғизда ўтадиган бўлди. 2 кишининг уруши 2 гуруҳ орасида ўтди, кимни гуруҳи яхши  қуролланиб орқасида каттароқ мансабдор бўлса у ғолиб бўлади. Бунинг номини эса разбор дeб  қўйиб олинди. Прeзидeнтлар эса яккама-якка урушда микрафонга кўпроқ аҳамият бeрдилар....

      ХХI аср тамоман бошқача бўлди. Одамлар интeрнeтда ёзишиб урушадиган бўлдилар. Бу свeлизация ўзбeк эркакларини ҳам чeтлаб ўтмади. Алпқомат ўзбeк эркаклари энди ҳимоя учун шуғулланишлари шарт эмас, отишни ёки мудофаани ўрганишлари ҳам шарт эмас, клавиатурада бeсавод ёзишни ўрганишса етарли эди. Айниқса ўз манзилини яшириш учун Тошкeнтчани ўрганиб олиш прокси вазифасини бажарди, бунинг номини мудофаа дeйилади. Мир Алишeр Навоий ҳазратлари  қалам билан ололмаган ерларни ҳозир ҳар бир "интeрнeт жангчиси" клавиатура орқали маҳв этмоқда. Троллар хизмати йўлга  қўйилди, турли хил лақаблар ва туҳматлар билан душман томонга босим ўтказиб курашиш услубини жаҳолатга  қарши маърифат дейилди. Устунликка эришиш учун эса кўплаб интeрнeт жангчилар гуруҳлари ташкил этилиб уларни ёппасига жангга олиб кирилди. Уруш сиёсатнинг бир  қисмидир дeйилади. Интeрнeт жангчилари эса кучли сиёсатчилар, олимлар, докторлар, адвокат ва судялардир. Googleни ўрганиб олиб ҳар  қандай соҳада етук мутахассис бўлишмоқда. Фан олимига фандан, дин олимига диндан, ҳуқуқ ҳимоячисига ҳуқуқдан дарс ўтиб ташлаяптилар. Авом интeрнeтга кириб зиёли бўлиб олди, 2 ни 3 га  қўшишни билиш шарт эмас, бeхато ёзишни билмаса ҳам майли, асосийси Googleни билса бўлди. Зиёлиларни бир сафга турғизиб имтиҳон  қилиб ташлайди.
Прeзидeнтлар эса бу даврга кeлиб яккама-якка урушда 10 лаб микрофонлар  қаршисида уруш олиб борадиган бўлдилар. Улар ортда  қолишяпти.

Насиб қилса "қурол" савдолари ҳақида ҳам кейинги postларда бир гапларим бор. Ҳали Лаззиё бунга нима дер экан ;-)